статья ҲАРБИЙ ЖУРНАЛИСТИКАНИНГ ШАКЛЛАНИШИ
ҲАРБИЙ ЖУРНАЛИСТИКАНИНГ ШАКЛЛАНИШИ
Ёшин ҲАКИМОВ, ЎзЖОКУ ўқитувчиси, Ўзбекистон Республикаси
Аннотация: Мақолада ҳарбий журналистиканинг тарихий илдизлари, пайдо бўлиши ва шаклланиши қисқача тадқиқ этилган. Жумладан, миллий тарихимизда унинг кўринишлари қандай намоён бўлгани таҳлил қилинган.
Калит сўзлар: ҳарбий журналистика, мухбир, мунший, бахши.
Ҳарбий журналистиканинг пайдо бўлиши ва ривожланиши ҳақидаги тадқиқотлар охиригача ўрганилмаган мавзу бўлиб, бу борада ҳали кўплаб илмий изланишлар олиб бориш талаб қилинади. Ўзбекистонда бу йўналишда фақат 2019 йилдан мутахассисларни тайёрлаш йўлга қўйилди. Соҳанинг тарихий илдизлари эса узоқ ўтмиш замонларга бориб тақалади.
Тарихчи олимлар ва тадқиқотчилар ҳарбий журналистиканинг пайдо бўлиши ва шаклланишини жангларда саркардалар ёнида юрган, барча кўрган-кечирганларини қоғозга тушириб борган шахслар мисолида кўрсатишади.
Қадим замонлардаёқ ҳукмдорларнинг ўз зафарли юришларини, жанг тафсилотларини келгуси авлодларга ёзиб қолдириш истаги ва бу ишларни бевосита амалга оширган мутахассислар ҳарбий журналистиканинг пайдо бўлишига пойдевор қўйишди, десак хато қилмаймиз.
Россияда чоп этиладиган “Медиа Тренды” нашрининг 2012 йил 9 ноябрдаги сонида шундай маълумот келтирилган:
“Фидиппидни дунёдаги биринчи ҳарбий мухбир ҳисоблашади. У Марафондаги ғалаба хушхабарини айтиш учун Афинагача бўлган 42 километрлик масофани югуриб ўтиб, “афиналиклар, қувонинг! Биз ғалаба қозондик”, деган ҳамда вафот этган”.
Тарихчи Ҳередотнинг (тахминан милоддан аввалги 484-425 йиллар) хабар беришича, Фидиппид грек чопағон жангчиси бўлиб, форслар устидан Марафон учун бўлган жангда (мил. авв. 490 й, 12 сентябрь) қозонилган ғалабани халқига етказиш учун шунча масофани тезликда босиб ўтади.
Маълум бўлишича, ғалаба ҳақидаги хабарни етказиш грекларда ўзгача фахр-ифтихор касб этган. Демак, халқига муҳим хабарни етказиш орқали бу қаҳрамон нафақат мухбир, балки оммавий ахборот воситаси вазифасини ҳам ўтаган. Шу фактга асосланиб, хулоса чиқарадиган бўлсак, ҳарбий журналистика тахминан 2,5 минг йиллик тарихга эга бўлиши мумкин.
Александр Македонский қўшинида эса уруш тафсилотларини ёзиб борадиган махсус тайёрланган кишилар бўлган. Улар қўшинда жанг боришини, тактика ва стратегиясини, қаҳрамонлик кўрсатган баҳодирларни, умуман барча муҳим тафсилотларни ёзиб боришган.
Туркистон халқлари ҳарбий журналистикасининг тарихини нотиқлик, воизлик, қаландарлик фаолияти ривожланган даврлардан ўрганиш мантиқан тўғри бўларди. Қолаверса, ҳарбий журналистикани анъанавий журналистикадан айро тасаввур қилиб бўлмайди. Шу мантиққа асосланадиган бўлсак, 8 аср тарихидан ахборот берувчи, Монголиянинг Баин Цокто манзилидан топилган Тунюқуқ битигини ҳарбий журналистиканинг ҳам илк ёдгорликлари қаторига киритиш мумкин. Маълумки, мазкур манба турк ҳоқони Элтаришнинг саркардаси Тунюқуққа бағишланиб, 712-716 йилларда битилган. Унда лашкарбоши фаолияти, юрт мудофааси ва бошқарувида тутган ўрни ҳикоя қилинади.
Қадимги шоҳларнинг жанг санъати, қаҳрамонликлари ва ғалабалари ҳақидаги ривоят, афсона ва эпик достонлардан иборат асарлардан бири бўлган «Шоҳнома»ни ҳам шу туркумга киритиш мумкин. Тарихда 9-10 та «Шоҳнома» яратилгани маълум. Энг машҳури сифатида Фирдавсий “Шоҳнома”сини айтиш мумкин.
Абулқосим Фирдавсий 50 подшоҳликдан иборат 4 та сулола мисолида Эрон ва Турон халқларининг қарийб тўрт минг йиллик тарихи юксак маҳорат билан қаламга олинган 60 минг байт (120 000 мисра)дан иборат муаззам «Шоҳнома» устида 30 йилдан ортиқ вақт ишлаган. У энг қадимги даврлардан бошланиб, сосонийлар шоҳи Яздигард III даврида арабларнинг Эронга бостириб кириши билан якунланган.
Султон Жалолиддин Мангуберди ҳақидаги асосий тарихий манбалардан бири Шиҳобиддин Муҳаммад ан-Насавийнинг “Султон Жалолиддин Мангуберди ҳаёти тафсилоти” асаридир. Шиҳобиддин ан-Насавий Хуросоннинг Наса шаҳри яқинида туғилган. Шу вилоятдаги Хурандиз қалъасининг волийси бўлган. Асарни ан-Насавий 1241 йилда Жалолиддин ўлимидан 10 йил кейин ёзишга киришган ва 1249 йилда, вафотидан сал олдин тугатган. Асарда 1218 йилдан 1231 йилгача Хоразм, Мовароуннаҳр, Хуросон, Ҳиндистон, Эрон, Ироқ, Озарбайжон, Грузия каби давлатларда, аниқроғи, Жалолиддин қўл остида тўпланган салтанатда бўлиб ўтган воқеалар, хоразмшоҳ Оловуддин Муҳаммад ва Жалолиддин Мангуберди фаолиятлари, Чингиз босқини даҳшатлари ҳаққоний тарзда ҳикоя қилинади. Ундаги воқеа-ҳодисалар, уларнинг иштирокчилари ҳақидаги маълумотларнинг ҳаққонийлигига шубҳа қилмаса ҳам бўлади. Чунки асар муаллифи ан-Насавий Жалолиддиннинг муншийси, шахсий котиби бўлган, у билан бирга кўп масалаларни ҳал қилишда иштирок этган.
Маълумки, “мунший” сўзи арабча бўлиб, “котиб”, “ижодкор” деган маънони англатади. Хонликлар даврида муншийлар хоннинг ёки ҳокимнинг ёзув-чизув ишларини олиб борган. Демак, уруш, жангу жадалларда хоразмшоҳ Жалолиддин Мангуберди билан ёнма-ён юриб, воқеалар тафсилотини ёзиб борган ан-Насавий замонавийчасига айтганда буюк саркарданинг матбуот котиби, ҳарбий журналистидир.
Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтининг катта илмий ходими, Ёзувчилар уюшмаси аъзоси марҳум Ғулом Каримий Муиниддин Натанзийнинг “Мунтахаб ут-таворихи Муиний” китоби таржимасининг кириш қисмидаги “Мунтахаб ут-таворихи Муиний”да Амир Темур даври тарихининг ёритилиши” сарлавҳали материалида Соҳибқироннинг бугунги тил билан айтганда, моҳир ҳарбий журналистлари бўлгани ҳақида маълумот берган.
“Амир Темур даврида қатъий тарзда йўлга қўйилган барча ҳарбий юришлар тафсилотлари ҳамда ҳар бир жангнинг баёнини ўз вақтида бахшилар (битикчилар) томонидан туркий тилда, уйғур ёзувида ёзиб бориш одати кейинги темурийлар даврида ҳам мавжуд бўлганини Мирзо Муҳаммад Ҳайдарнинг “Тарихи Рашидий” асаридаги бир маълумот тасдиқлайди. Муҳаммад Ҳайдарнинг ёзишича, Заҳириддин Муҳаммад Бобур Ҳамза султонга қарши жанг қилиб, ғалаба қозонганида, Жонаҳмад атка бошчилигидаги Муҳаммад Ҳайдар мулозимлари жасорат кўрсатиб, душманнинг бир саркардасини тирик ушлашади. Жангдан сўнг Бобур: “Бу – Мирзо Ҳайдарнинг биринчи иши, бинобарин, бахшилар мукофот дафтарига унинг номини ёзишсин”, дейди.
Бахшиларнинг вазифаси сафар давомида ҳар бир жанг ёки бошқа муҳим воқеа тафсилоти ҳамда жангда иш кўрсатганлар номини дарҳол, ҳатто ўша воқеа юз берган жойнинг ўзида қоғозга тушириш бўлган.
Амир Темур ҳарбий фаолиятига оид барча муҳим воқеалар ҳам ўз пайтида бахшилар томонидан туркий тилда битилгани ҳақида маълумотлар мавжуд. Чунки ҳарбий атамалар аксарияти туркий бўлиб, жанговар буйруқлар ҳам шу тилда берилгани учун, уларни аниқлик билан қоғозга туширишга туркий тил ўнғай эди.
“Муъизз ул-ансоб” асарида соҳибқирон хизматида бўлган уч нафар турк бахшиси – Эларта, Сайнорта ва Темурчақар номлари келтирилади. Амир Темур 1391 йил баҳорида Тўхтамишхонга қарши юриши пайтида Улуғтоғда харсангтошга ўйиб ёздирган ўн бир қаторли битикнинг ҳам уч қатори араб ёзуви ва араб тилида бўлса, тўққиз қатори уйғур ёзувида туркий тилда битилган.
Бахшиларнинг туркий битиклари форс тилида Амир Темур тарихини ёзган муаррихлар учун у ё бу даражада материал вазифасини ўтагани шубҳасиз. Ҳар ҳолда, Иброҳим Султон буйруғига кўра тўпланган бахшилар битиклари «Зафарнома»ни ёзишда Шарафиддин Али Яздийнинг таянч манбалари сирасига кирган”.
Буюк саркардаларимиз фаолияти билан боғлиқ мазкур мисоллар ҳам ҳарбий журналистика бизда қадимдан шаклланганини исботлайди. Хабарнавис, бахши, битикчи, мунший ва яна қандайдир бошқа номларда аташган бўлишмасин, уларнинг вазифаси бугунги ОАВ ходими бажараётган вазифага моҳиятан яқиндир.
Муаллиф Ғофуржон Сотимов “Бобурийзодалар” рисоласида “Тарихи Рашидий” китобининг муаллифи Мирзо Муҳаммад Ҳайдар ҳақида шундай маълумот беради: “Мирзо Ҳайдар эрта ёшданоқ Бобур хизматига кирган бўлиб, унинг атрофида бўлиб ўтган жуда кўп воқеаларнинг гувоҳи бўлган. У Бобурнинг ҳаёти давомидаги курашларни ўз кўзи билан кўрган, Ҳумоюннинг Шершоҳ Сур билан бўлган жангларининг гувоҳи бўлган, Ҳумоюн қўшинида унга қарши Билграм (Кануж)даги жангда қатнашган. “Тарихи Рашидий” асарини у 1546 йилда якунлаган”.
Бобурнинг ёнида бўлган, жангу жадалларга гувоҳ бўлган, у ҳақдаги қимматли маълумотларни ёзиб қолдирган Мирзо Муҳаммад Ҳайдарнинг фаолияти ҳам ҳарбий журналистика тарихидан сўзлайди.
Ғофуржон Сотимов таниқли тарихчи Хондамирнинг форсийда битилган “Хабибус-сияр” асари ҳақида фикр билдириб, шундай ёзади: “Хабибус-сияр”да асосан Бобурнинг ҳукмронлиги даври лавҳалари ва айниқса, унинг 1529 йилда афғон хонларига қарши олиб борган жанглари тафсилоти муфассал ёритиб берилган. Ҳумоюннинг дастлабки ўн йил давомидаги ҳукмдорлик фаолияти ҳам шу асарда муфассал ёритиб берилган. Хондамир ўша давр воқеаларининг бевосита иштирокчиси ва гувоҳи бўлганлиги учун унинг ҳикояларини ҳаққоний деб қараш мумкин”. Шундан ҳам билиш мумкинки, Хондамир жангларни кузатган, уларнинг иштирокчиси бўлган ва асарида акс эттирган. Унинг фаолиятида ҳам ҳарбий журналистикага хос жиҳатларни кузатиш мумкин.
“Абдулланома” ёки “Шарафномаи шоший” асарининг муаллифи Ҳофиз Таниш Бухорий 1584 йилда Абдуллахоннинг амалдорларидан бири Қулбобо Кўкалдошнинг тавсияси билан ҳукмдор хизматига шахсий воқеанавис, тарихчи бўлиб ўтади. Асарнинг ўша давр ижтимоий-сиёсий ҳаёти ҳақида энг муҳим ва ишончли манба эканлиги воқеанависнинг хон ёнида юриб, маълумот тўплагани билан ҳам характерланади.
Хуллас, подшолар, саркардалар, қўшин бошлиқлари ёнида юриб, маълумот тўплаган битикчи, бахши, воқеанавис, тарихчиларнинг фаолияти юртимиздаги ҳарбий журналистиканинг дастлабки кўринишларидир. Уларни тадқиқ этиш янги Ўзбекистон ҳарбий журналистикаси истиқболидаги муҳим вазифалардан.
Фойдаланилган адабиётлар
1. Шиҳобиддин Муҳаммад ан-Насавий, “Султон Жалолиддин Мангуберди ҳаёти тафсилоти”, “Фан” нашриёти, 2018 й, 11-бет.
2. Муиниддин Натанзий “Мунтахаб ут-таворихи Муиний”. “Ўзбекистон” НМИУ, 2011 й.
3. Мирзо Муҳаммад Ҳайдар. Тарихи Рашидий. ЎзР ФА ШИ қўлёзмаси, № 1430, в. 171а.
4. Сафаров, А. “Ҳарбий журналистика асослари” Тошкент, “Муҳр-пресс” нашриёти, 2022 й.
5. Муъизз ул-ансаб (Прославляющие генеалогии). Введение, перевод с персидского языка, примечания, подготовка факсимиле к изданию Ш.Х.Вохидова // История Казахстана в персидски источниках. Том ІІІ, Алматы: Дайк-Пресс, 2006.С.118.
6. Муиниддин Натанзий “Мунтахаб ут-таворихи Муиний”. “Ўзбекистон” НМИУ, 2011 й, 6-бет.
7. Темур тузуклари, Т., “Ўзбекистон” НМИУ, 2016 й, 139-бет.
8. Сатимов F. “Бобурийзодалар”. Тарихий-маърифий рисола: - Т.: «Sharq», 2016., 119-бет.,
http://www.ferlibrary.uz/f/boburiyzodalar.pdf
9. Madraimov A., Fuzailova G. “Manbashunoslik” O’zb. Faylasuflar milliy jam. nash. T. 2008., 216. b.
10. Сафаров, А. “Китобхонлик тарғиботи конвергент мақола воситасида”. Infolib: Информационно-библиотечный вестник учредители: Общество с ограниченной ответственностью с участием иностранного капитала" E-LINE PRESS", (4).
Выходные данные (библиографическая ссылка):
Хакимов Ё. К. ҲАРБИЙ ЖУРНАЛИСТИКАНИНГ ШАКЛЛАНИШИ // Международный каталог для учителей, преподавателей и студентов «Конспекты уроков» // URL: https://xn----dtbhtbbrhebfpirq0k.xn--p1ai/other/articles/file/117008-arbij-zhurnalistikaning-shakllanishi (дата обращения: 22.12.2024)- Плани-конспекти з Агротехнології (агрономії)
- Урок физической культуры в школе: особенности подготовки и проведения
- Использование дидактических игр на уроках
- Қазіргі заман мұғалімі қандай болуы керек
- Способы изучения устаревшей лексики как средство развития лингвистического интереса у обучающихся 2 класса
- Классика и современность: разнообразный летний репертуар театра в Хамовниках
- Система работы по преодолению нарушений психического и речевого развития
Вместе мы делаем образование лучше!
Сейчас на сайте 8778 пользователей.
Отзывы